Сабитов Музаффар Тургунбаевич

Таклиф Тошкент вилояти 2019-08-06 18:29:13

Ҳозирги кундаги воқеалар: Бир вилоятда селектор мажлис ўтқазиляпти. Қайсидир ходим ўзига юклатилган вазифани бажармаганлиги аниқланяпти. Бу вазифа эса ҳалқ манфаатларини кўзлаб чиқарилган қарордан ёки фармондандир. Вилоят Хокими шу ходимни Президент қарори ёки фармонини бажармаганлиги учун ишдан ҳайдаяпти. Бу ходим ишдан бўшаб, уйига бориб мазза қилиб телевизор кўриб ётибти. Ҳалқ шунча қийналганига ким жавоб беради? Бундай мисоллар жуда кўп. Савол: Ходим томонидан ҳуқуқбузарлик, жиноят содир этилди. ЖАЗО қани? Ваҳоланки хар бир ҳуқуқбузарлик, жиноят содир этган шахсларга нисбатан ЎзР Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда, Жиноят Кодексда жазо борлиги белгиланган. Қизиқ...Юқоридагиларни инобатга олиб, қуйидагини таклиф қилмоқчиман: Хар бир ташкилотда (айниқса давлат ташкилотларида) бир ойда бир маротаба бўлса ҳам, туман Адлия бўлими ходимлари томонидан мажлис уюштирилиб, айнан шу ташкилот ходимларига таъллуқли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга жазо борлигини савол-жавоб тариқасида тушунтириш ишлари олиб боришлик керак. Ўз самарасини бериши аниқ, чунки хайдалган ходим ҳалигача нима учун ишдан кетганини билмайди...Ходимнинг ҳаракатлари қайси Кодексдаги қайси модда тушунтиришларига тўғри келишлигини, жиноятга албатта жазо борлигини тушунтириш керак, шундагина хаёт енгиллашади. Қонунда белгиланган жазодан қўрқиб шу харакатни қилмайди!

Маъсул идоралар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Жавоблар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сон “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб туман (шаҳар) адлия бўлимлари: 1. ҳар ҳафтанинг душанба куни барча ҳокимликларда “Қонунчиликдаги янгиликлар” машғулотларини тизимли ташкил қилиб келмоқда. Бунда адлия органлари раҳбарлари томонидан ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ҳокимлик ва мутасадди ташкилот раҳбарларига кўргазмали тарзда тушунтирилиб, қонун ҳужжатларидаги вазифаларнинг ижросини ташкиллаштириш бўйича тушунтириш бериш тартиби жорий этилган; 2. Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида “республика – вилоят – туман (шаҳар)” уч поғонали принципи бўйича алоҳида тасдиқланган графикка асосан “Бепул ҳуқуқий маслаҳат курслари” ташкил этиб келинмоқда. Ушбу курсларда 5 та йўналиш (модул) бўйича ўтказилиб, раҳбар ва ходимларга Конституция ва Қонунлар, инсон ҳуқуқлари, меҳнат қонунчилиги нормалари, мурожаатлар билан ишлаш, коррупцияга қарши кураш ҳамда соҳа фаолиятига оид қонунчилик бўйича тушунтиришлар берилмоқда. Ўқув машғулоти давомида фақат ҳуқуқий маълумотлар бериш билан чекланилмасдан, ходимларнинг қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражаси савол-жавоб тарзида ўрганилмоқда; 3. Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органлари томонидан “республика-вилоят-туман” принципи бўйича: - аниқ график асосида барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларда ходимлар учун ўз соҳасига оид қонун ҳужжатлари ҳамда ҳуқуқий соҳадаги муҳим масалаларни ўқитиш бўйича махсус семинар-тренинглар ташкил қилинмоқда; - ҳар бир қабул қилинган қонун ҳужжати ижросини ташкиллаштириш бўйича адлия органлари томонидан мутасадди ташкилотга бориб ходимлар учун ўқув машғулотлари ташкил қилиш тартиби жорий қилинган; 4. адлия органлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини ташкиллаштириш ҳолатини мониторинг қилиш ва ўрганиш, камчиликлар ва муаммоларни аниқлаш ва уларнинг келиб чиқишини таҳлил қилиш, бу борада уларга кўмаклашиш ишлари олиб борилмоқда; 5. адлия органлари томонидан иш режага асосан ташкилот ва идораларда қонун ҳужжатларининг амалиётда қўлланилиши аҳволини таҳлил қилиниб, тизимли камчилик ва муаммолар сабабларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича раҳбарий органларга тегишли таклифлар киритиб борилмоқда; 6. доимий равишда вазирликнинг телеграм мессенжеридаги “huquqiy axborot” каналида мамлакатимизда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти бўйича, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этганлик учун жавобгарлик масалалари бўйича қисқа ва аниқ маълумотлар жойлаштирилиб келинмоқда.

Изоҳлар

Қодиржонов Умиджон Қодиржонович 2020-11-12 16:18:00

Шу ўта долзарб масала