Рустамов Азиз Азаматович

Таклиф Навоий вилояти 2019-08-07 07:57:25

Хозирги кунда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш хамда юриспруденция соҳасида мутахассисларнинг кескин етишмаслиги сабабли давлат ва хўжалик бошқаруви органларида талаб юқори бўлган тор доирадаги ва соҳавий мутахассисликлар бўйича юридик кадрлар тайёрлаш тизими яратиш мақсадида бир қатор хукумат қарорлари қабул қилинди. Натижалардан бири сифатида республикамизнинг барча вилоятларида юридик коллежларининг (қайта) ташкил этилганлигини кўрсатишимиз мумкин. Тўғри, мазкур коллеж битирувчилари юридик билим ва кўникмаларини олишадилар бу ўқув муассасасидан, лекин кейинчалик иш фаолиятини у ёки бу ташкилотларида юрист сифатида давом эттиришлари учун бу даражанинг (ўрта махсус маълумот) етарли эмаслиги келиб чиқади. Яъни, юрист ходимларнинг аксарият лавозимлари (юрист, юрисконсульт, юрист корпоративного права, юрист по уголовному праву, юрист по трудовому праву, юрист в свере природных ресурсов, юрист-криминалист, правовед, эксперт-консультант по правовым вопросам, государственный правовой инспектор труда и т.д.) олий маълумотни талаб қилади (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 04.10.2017й.даги 795-сонли “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини янада такомиллаштириш тўғрисида” Қарорининг 2-иловаси). Табиийки, мазкур йўналиш битирувчилари ўз сохаларининг етук ва “талаб қилинадиган дарадасидаги” мутахассислари бўлиб етишишлари учун юридик сохада олий таълим муассасасида таълим олишлари керак бўлади. Аммо, хозирги кунда “юриспруденция” йўналиши республикамизнинг фақатгина 3-та олий таълим муассасасида (Тошкент давлат юридик университети, Қарақалпоқ давлат университети хамда Жахон иқтисодиёти ва дипломатия университетларида) мавжуд. Яна бир ачинарли томони, мазкур учта олий таълим муассасаси хам 2-чи олий таълим бўйича хужжатлар қабул қилинмайди, бу хам юридик кадрларни тайёрлаш бўйича чекловлардан бири хисобланади. Чунки мен каби 2-чи олий таълимни "юриспруденция" йўналиши бўйича олиш истагини билдирадиганлар кўплаб топилади. Таклифим: "юриспруденция" сохасида кадрлар тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш ва бу борада қўшимча имкониятлар яратиш!

Маъсул идоралар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Жавоблар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида ПҚ-2932-сон қарорининг 8-бандига мувофиқ ТДЮУ бакалавриатига талабалар қабул қилиш квотасини тўлов-контракт асосида қабул қилиш квотасини кўпайтириш ҳисобига 600 нафар қилиб белгиланган. Шу сабабли, ТДЮУга иккинчи олий талим ва сиртқи таълим очилмаган. Шунингдек, маълумот тариқасида Сизга шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази ташкил этилган бўлиб, мазкур қарорнинг 8-бандига биноан Марказда юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш тўлов-контракт асосида олти ой муддатда, имтиҳон натижалари бўйича белгиланган намунада диплом берган ҳолда амалга оширилиши ва юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахслар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида ишлаш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги низомнинг 7 ва 9-бандларига биноан юридик хизмат ходими ёхуд юрисконсульт, юрисконсульт ёрдамчиси лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс ишлаши мумкинлиги белгиланган Шунингдек, ушбу марказни тугатган шахсларга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 июндаги 453-сон қарори билан тасдиқланган Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини тугатганлиги тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилиши маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда кадрлар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПҚ-4359-сон қарорига мувофиқ 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоқ давлат университетида “5240100-Юриспруденция (фаолият турлари бўйича)” таълим йўналиши бўйича кечки таълим шаклида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг 2019 йил 18 июлдаги 3-сон баёни билан республика олий таълим муассасаларида 2019/2020 ўқув йилида иккинчи ва олий маълумот олиш (жумладан, сиртқи таълим шаклида) бўйича олий таълим муассасалари рўйхати тасдиқланган.

Мазкур рўйхатда Қорақалпоқ давлат университети (сиртқи) ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (сиртқи) мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”  ПҚ-3666-сон қарори ҳамда мазкур қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ “юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш...” Адлия вазирлигининг вазифалари ва функцияларига киради. 


Изоҳлар